Қозоғистон ва Қирғизистондаги электр узилишларига Ўзбекистон энергетика тизими муаммолари сабаб бўлгани айтилди

Қозоғистон жанубида ва Қирғизистоннинг айрим ҳудудларида электр энергиясидан узилишлар кузатилди. Иккала мамлакат ҳам Ўзбекистондаги энергия тизимидаги муаммоларга ишора қилмоқда, деб хабар берди «Газета.uz».

Фото: «Tez News»

Ўзбекистондаги бир қатор иссиқлик электр станцияларида 5 январь куни қисман электр узилишлари юз берди. Энергетика вазирлиги ИЭСнинг фавқулодда вазиятларни бошқариш ускуналари Марказий Осиё ва Қозоғистонни боғлайдиган ягона энергия тизимининг электр узатиш линияларининг режадан ташқари ўчирилиши сабабли ишга туширилганлиги ҳақида хабар берди. Тўрақўрғон ИЭС, Тахиатош ИЭС, Навоий ИЭС, Тошкент ИЭС ва Талимаржон ИЭСнинг иккита агрегати автоматик равишда ўчирилди. Электр узилишлари бир қатор вилоятларга таъсир кўрсатди.

Қозоғистон Электр тармоқлари бошқарма компанияси (KEGOS) 5 январь куни соат 17:41 да Қозоғистоннинг ягона энергия тизимининг шимоли-жанубий транзити параллель ишлашининг барқарорлиги бузилгани ҳақда хабар берган. Шу сабабли, ускуна бузилишининг олдини олиш учун шимоли-жанубий Қозоғистон транзитининг 500 киловаттлик учта ҳаво линиялари ва 220 киловатт битта линия автоматик тарзда ўчган.

Натижада Қозоғистоннинг ягона энергия тизими жанубий ҳудуди ва Марказий Осиёнинг умумий энергия тизими 48,31 Гс частотасигача пасайган ҳолда ишлашда давом этди. Қозоғистоннинг Олмаота, Жамбил, Қизилўрда, Қарағанда ва Туркистон вилоятларидаги чекловлар ҳажми 959 мегаватттни ташкил этди.

«Узилиш манбаи — Талимаржон ИEСда иккита 450 мегаватт қувватли умумий циклли электр станцияларидаги узилишлар, шунингдек бошқа бир қатор электр станцияларда ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши бўлган Ўзбекистон энергия тизими ҳисобланади», дейилади KEGOS баёнотида.

Қирғизистон Миллий электр тармоғида эса 5 январь куни соат 17:43 да Марказий Осиёнинг ягона энергия тизими Қозоғистон шимолидаги ягона энергия тизимидан ажралиб чиққани ҳақида хабар берилган.

«Автоматик частотани тушириш (АЧТ) ишга тушгунча энергия тизимидаги частота камайди. Бунга Ўзбекистон энергетика тизимининг ортиқча электр энергияси сабаб бўлган. 17:59 да ЭУЛ-530 Қозоғистон энергия тизимидаги транзит таркибига киритилди, частоталарни тартибга солиш эса Қирғизистон энергия тизимидан олиб ташланди. Соат 18:15да ЭУЛ-532 ва ЭУЛ-539 транзит таркибига киритилди ва АЧТдан узилган истеъмолчиларга электр таъминоти тикланди, деди қўшни мамлакат энергетика компанияси», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Намангандаги ИЭСда юз берган фавқулодда ўчиш туфайли вилоятнинг катта ҳудуди электрсиз қолгани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, Тўрақўрғон ИЭСдаги 2 та электр ишлаб чиқариш агрегати аварияли ҳолатда ўчиши сабабли 750 мегаватт қувват йўқотилган.

Шунингдек, Танзила Норбоева Сенат ялпи мажлисида ҳудудлардаги электр энергияси ва газ муаммоси ҳақида гапиргани ҳамда самарқандлик сенатор сўнгги пайтларда электр энергияси тинимсиз ўчаётганидан шикоят қилгани хабар қилинган.

Янгиликлар