Билл Гейтс экологик инқирозни коронавирусдан кўра хавфлироқ деб атади
«Microsoft» компанияси асосчиси Билл Гейтс коронавирус пандемиясидан келиб чиқадиган зарардан оғирроқ экологик инқирозни башорат қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Билл Гейтс тахминига кўра, Ер яқин бир неча ўн йилликлардаги иқлим ўзгариши натижасида глобал инқирозга дуч келади.
«Пандемия қанчалик ёмон бўлса, иқлим ўзгариши бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин», — дея ёзган миллиардер ўз блогида.
Хабарда қайд этилишича, «Microsoft» асосчиси фалокатнинг олдини олиш учун атмосферага чиқадиган иссиқхона газларини сезиларли даражада камайтириш керак, деган фикрда. Шунингдек, Билл Гейтс экологик инқирознинг таъсирини коронавирус пандемияси билан таққослаган.
«Ҳозирда инфекциядан ўлим даражаси ҳар 100 минг аҳолига ўртача 14 кишини ташкил қилади. Кейинги 40 йил ичида Ердаги кўтарилган ҳарорат туфайли ўлим даражаси ҳозирги инфекция ҳолати билан бир хил бўлади ва 2100 йилга келиб бу кўрсаткич беш баравар кўпаяди», — дейилади хабарда.
Миллиардер иқлим ўзгаришига қарши курашишга чақирган. Хусусан, у атмосферага чиқадиган зарарли чиқиндилар миқдорини назорат қилиш учун фан ва инновацияларни жалб қилишни таклиф қилган. Шу билан бирга, у экологик муаммоларга қарши курашиш ривожланаётган мамлакатларда ҳам олиб борилиши кераклигини таъкидлаган. Гейтс инсониятнинг вақти йўқлигини ва бугунги кунда ҳаракат қилиш кераклигини қайд этган.
«Тоза энергия соҳасидаги барча зарурий ишланмаларни яратиш ва амалга ошириш учун ўнлаб йиллар керак бўлади», — дея таъкидлади «Microsoft» асосчиси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Билл Гейтс AҚШдаги коронавирус тестларини «вақтни беҳуда сарфлаш» деб атаганди.