Андижонда карантин даврида қарийб 9 минг жуфтлик никоҳдан ўтди

Андижон вилоятидаги ФҲДЁ бўлимларига 2020 йилнинг 8 ойи давомида 77 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси хабар берди.

Мурожаатлар асосида 51 мингта ҳолатда туғилганлик ҳамда 10 минг 100 та ўлим ҳолати қайд қилинган. Энг кўп туғилиш ҳолати Андижон шаҳри, Асака ҳамда Шаҳрихон туманларига тўғри келмоқда.

Шунингдек, 2020 йил январь—август ойлари давомида вилоятда 13 мингга яқин жуфт расмий никоҳдан ўтиш учун ариза берган. Буларнинг 12 641 тасига никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар тантанали топширилган. Бундан ташқари 1974 та ҳолатда турли оилавий келишмовчиликлар ортидан ажрим ҳолатлари қайд қилинган.

Карантин бошланган 15 мартдан бугунги кунга қадар эса 36 100 та туғилиш ҳамда 6678 та ўлим ҳолати қайд қилинган. Шунингдек, 8900 та ҳолатда ёшлар никоҳдан ўтган. 1167 та ҳолатда никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги гувоҳномалар расмийлаштирилган.

Қайд этиш лозим, 9—10 июль кунлари вилоятдаги ФҲДЁларда рекорд даражада — 1000 дан ортиқ никоҳ қайд этилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда никоҳланувчи келин-куёвга қўшфамилияликка рухсат берилгани, Самарқандда 2020 йилнинг биринчи чорагида 233 та оила яраштирилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар