Избосканда отасини ҳақорат қилган шахсни пичоқлаган фуқаро қўлга олинди

Андижон вилояти Избоскан туманида икки киши жанжаллашиши оқибатида пичоқбозлик содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, 4 сентябрь, жума куни соат 19:30 ларда Избоскан тумани «М.Улуғбек» МФЙ ҳудудида 2000 йилда туғилган фуқаро Х.И. 1995 йилда туғилган фуқаро Т.А. билан отасини ҳақорат қилганлиги  сабабидан ўзаро жанжаллашган. Сўнг ёнида бўлган хўжалик пичоғи билан унинг чап қовурғасига бир маротаба урган ва оғир тан жароҳати етказган. Фуқаро Х.И. ушланиб, ашёвий далил сифатида ундан хўжалик пичоғи олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Избоскан тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмокда.

Маълумот учун, ушбу модда билан айбланган фуқаро уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Асакада оилавий келишмовчилик сабаб хотинини пичоқлаб ўлдирган эр қўлга олингани, Бухорода фуқаро танишини ошхона пичоғи билан ўлдиргани хабар қилинган эди.

Янгиликлар