Бешариқда сумкасида марихуана олиб юрган эркак ушланди

Фарғона вилояти Бешариқ туманида велосипед ҳайдаб кетаётган эркакнинг сумкасида марихуана борлиги аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Фарғона вилоят ИИБ ахборот хизмати

Хабарга кўра, воқеа 30 cентябрь куни тумандаги Пастки-янгиқўрғон қишлоғи ҳудудида аниқланган. Маълум қилинишича, туман Ички ишлар бошқармаси ҲПГ профилактика инспектори мазкур қишлоқ ҳудудида хизмат олиб бораётган вақтида велосипедда ҳаракатланиб бораётган фуқаро С.М. ўзини шубхали тутганлиги сабабли тўхтатган.

Aниқланишича, С.М. нинг велосипеди рулига илиниб турган сумка холислар иштирокида кўздан кечирилганда, сумкада марихуана моддаси борлиги аниқланган ҳамда далилий ашё сифатида олинган. Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Бешариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми билан жиноят иши кўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Бухоро шаҳрида салкам 7 грамм марихуана сотмоқчи бўлган фуқаро қўлга олингани, Наманган туманида чўнтагида 2 граммга яқин мариихуана олиб юрган шахс ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар