Наманган туманида чўнтагида 2 граммга яқин марихуана олиб юрган фуқаро қўлга олинди

Наманган туманида 26 сентябрь, шанба куни ўтказилган «Қорадори-2020» тезкор тадбирида ёнида 2 граммга яқин марихуана гиёҳванд моддасиги олиб юрган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум бўлишича, 26 сентябрь куни ўтказилган тадбир давомида Наманган тумани ИИБ жиноят қидирув бўлимининг тезкор вакиллари ва ҲПБ профилактика инспекторлари томонидан «Катта Тошбулоқ» маҳалласи ҳудудида юрган фуқаронинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилган. Фуқаро эгнида бўлган шимининг олд ўнг чўнтагидан қора елим пакетга ўралган, ўткир ҳидли, кўкимтир рангли модда борлиги аниқланиб, текшириб кўриш учун туман ИИБга олинган.

Вилоят ИИБ ЭКБнинг хулосасига кўра, ушбу модданинг соф оғирлиги 1,93 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддаси эканлиги кўрсатилган.

Ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 27 сентябрь куни Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 1-қисми билан жиноят иши кўзғатилган.

Аввалроқ Жалақудуқда 1 миллион сўмлик марихуана сотаётган шахс жиноят устида қўлга олингани ҳамда Норинда уйида салкам 10 грамм гашиш сақлаган шахс қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар