Норинда уйида салкам 10 гр гашиш сақлаган шахс қўлга олинди
Наманган вилояти Норин туманида уйида гашиш сақлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 11 сентябрда ўтказилган тезкор тадбир давомида Норин туман ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими тезкор вакили ва ҲПБ профилактика инспекторлари томонидан 1972 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонидан бир бўлак ўткир ҳидли, кўкимтир рангли модда топилган.
Қайд этилишича, модданинг соф оғирлиги 8,67 грамм бўлган гашиш гиёҳвандлик моддаси эканлиги кўрсатилган. Гашиш айбланувчининг уйи зинапоясига солинган гилам тагидан чиққан.
Ҳолат бўйича туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 21 сентябрда Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Самарқандда 500 минг сўмлик гашиш гиёҳвандлик моддасини сотаётган шахс қўлга олингани, Поп туманида чўнтагидан салкам 2,5 грамм марихуана топилган фуқаро ушлангани ҳақида хабар қилинганди.