Бухоро шаҳрида салкам 7 гр марихуана сотмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди

Бухоро шаҳрида ўтказилагн навбатдаги «Қорадори-2020» тезкор тадбирида салкам 7 грамм марихуана гиёҳвандлик моддасини сотмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, 28 сентябрь куни тахминан соат 22:30 атрофида туман марказида жойлашган «Шарқ» маҳалласи Кабоби кўчасида яшовчи 46 ёшли О.Я. назорат тариқасида гиёвандлик воситаларини сотиб олиш учун юборилган фуқаро А.А.га икки дона «Спички» ёзувли гугурт қутиларга жойлаштирилган марихуанани сотаётганда қўлга тушган. Вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт-криминалистика бўлимининг хулосасига кўра, соф вазни 6,81 граммга тенг бўлган марихуана гиёвандлик воситасини қонунга хилоф равишда нақд 350 000 сўм эвазига сотилаётган бўлган. Ашёвий далиллар эса тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Юқоридаги ҳолат Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Ғиждувон тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ИИО ФМБ) ходимлари ҳамкорлигидаги навбатдаги тезкор тадбирда аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро О.Я.га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода 200 граммдан ортиқ марихуана сотмоқчи бўлган қашқадарёлик фуқаро қўлга тушгани ҳамда Наманган туманида чўнтагида 2 граммга яқин марихуана олиб юрган фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар