Бухоро давлат тиббиёт институтига 13 нафар хотин-киз имтиёз асосида талабаликка қабул қилинди
Бухоро давлат тиббиёт институтига имтиёз асосида 13 нафар хотин-киз талабаликка қабул қилинди. Бу ҳақида Бухоро вилояти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Президентнинг 2020 йил 2 мартдаги фармони Хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини оширишда асос бўлган. Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча 4 фоизли давлат гранти жорий килинган.
Қайд этилишича, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтига 13 нафар хотин-қиз давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинган. Шу муносабат билан ушбу институтда талабаликка қабул маросими бўлиб ўтган. Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев, Йўлдош Жумаев ва институт раҳбариятининг талабалар билан учрашуви ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент қарори билан ажратилган квота асосида 6 нафар бағдодлик хотин-қиз талабаликка қабул қилинганди. Шунингдек, ОТМларга тест синовисиз тавсия этиш ҳуқуқига эга вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг рўйхати тасдиқлангани ҳақида хабар берилган.