Гулистон шаҳридаги коронавирус беморлари даволанаётган мажмуада портлаш юз берди (видео)

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги «Aлпомиш» спорт мажмуасида 7 октябрь куни портлаш юз берди. Бу ҳақда Тelegram’даги «Сирдарё Хабарлари» канали хабар берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, ушбу спорт мажмуасида коронавирусга чалинган беморлар даволанади. Дастлабки маълумотларга кўра, мажмуадаги кислород концентратори портлаган.

«Aлпомишда кислород портлади», дейилади воқеа жойидан юборилган видеохабарда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам мажмуадаги кислород баллони ёрилганини тасдиқлади.

«Фуқароларга тан жароҳати етган. Таъкидлаш жоизки, зудлик билан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тегишли хизматларнинг ходимлари воқеа жойига етиб бориб, фуқароларни хавфсиз ҳудудга кўчирдилар. Мазкур ҳодиса оқибатида вафот этган фуқаролар аниқланмаган. Вазият тўлиқ назоратга олинган», дейилади ФВВ хабарида.

Aввалроқ Бухорода электр подстанциясида ёнғин содир бўлгани, Сурхондарёда ёнилғи цистернасининг портлаб кетгани, Ёзёвон туманидаги чойхона ва савдо дўконларида ёнғин содир бўлгани ҳақида маълум қилинган.

Янгиликлар