Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Тоқаев билан Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев 7 октябрь, чоршанба куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, суҳбатда минтақадаги воқеалар ривожи юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Қирғизистондаги вазият ушбу мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез фурсатда барқарорлашишига умид билдирдилар.

«Давлат раҳбарлари кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, ишонч ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни янада ривожлантиришни муҳокама қилдилар», — дейилади хабарда.

Шунингдек, коронавирус тарқалиши оқибатларини тез фурсатда енгиб ўтиш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари даражасида яқиндан мувофиқлашув ва фаол алмашинувлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 5 октябрь, душанба куни мамлакат парламентига бўлиб ўтган сайловлар натижаларидан норози бўлган минглаб фуқаролар намойиш учун чиқди. Мамлакатнинг собиқ президенти Aлмазбек Aтамбоев музокаралардан сўнг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасидан озод қилинди.

Бишкекда намойишчилар Қирғизистон Бош прокуратураси биносини эгаллашга киришган. Намойишчилар дастлаб Бош прокурор халқ олдига чиқишини талаб қилган. Бироз вақт ўтиб, Қўй-Тошдаги воқеалар ортидан ҳибсга олинган собиқ президент аппарати раҳбари Фарид Ниязов ва ГКНБ собиқ хизматчиси Канат Сагимбаев Бишкек қамоқхонасидан озод қилинган.

Норин вилояти ҳокими Эмилбек Aлимбеков, Иссиқкўл вилояти ҳокими Балбак Тулобаев, Ўш вилояти ҳокими Байиш Юсупов ҳамда Бишкек шаҳри мери Aзиз Суракматов истеъфо берди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти билан минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган эди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни туғилган куни билан табриклади.

Янгиликлар