Тошкентда йўл қоидасини бузган UZB серияли машина ҳайдовчиси жаримага тортилди

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 6 декабрь куни UZB серияли автомашина қоидани бузгани акс этган видео тарқалди. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати ушбу автомашина ҳайдовчиси жаримага тортилганини маълум қилди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси

Хабарга кўра, воқеа 6 декабрь куни соат 13:11 ларда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Хуршид кўчасида содир бўлган. Унга асосан «Toyota Land Cruiser» русумли 01 025 UZB давлат рақам белгили транспорт воситаси йўлнинг қарама-қарши бўлагида ҳаракатланганлиги атрофдаги фуқаролардан бирининг бошқарувидаги транспорт воситаси видеорегистраторига қайд этилган. Фуқаро қоидабузарлик видеосини «eJarima» сайтига юборган.

Сайтга келиб тушган видеолавҳа Тошкент шаҳар маъмурий амалиёт масъул ходими томонидан ўрганилган ва қоидабузар ҳайдовчига нисбатан Мамурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-5 моддаси 2-қисмига кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима белгиланган.

Аввалроқ Ўзбекистонга «BMW» автомашинасини сохта ҳужжатлар билан олиб кирмоқчи бўлган эркак қўлга тушгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар