Чилонзорда Ички ишлар ходимини ўткир тиғли жисмлар билан урган шахсларнинг 3 таси ушланди

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида Ички ишлар ходимини ўткир тиғли жисмлар билан ургани ҳақида хабар берилганди. ИИВ ахборот хизматининг маълум қилишича, ЙПХ ва ППХ ходимларига ҳужум қилган шахсларнинг 3 нафари ушланди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 31 декабрь куни соат тахминан тонгги 04:00 ларда жамоат тартибини сақлаш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида пост-патруль ва йўл-патруль хизмати ходимлари Чилонзор тумани Муқимий кўчасида хизмат автомашинасида ҳаракатланаётган вақтида давлат рақами 01 М 624 КА бўлган Matiz русумли автоуловнинг ташқи чироқларини ёқмасдан келаётганини кўриб, уларни овоз кучайтиргич воситаси орқали огоҳлантирган.

«Шеригим, ЙПХ ходими уларни тўхтатди. Шеригим автомобилдан тушган вақтида улар ЙПХ ходимини кўриб туриб қарама-қарши йўналишда ҳаракатини давом эттирди», — дейди пост-патруль хизмат ходими.

«Авиакасса олдигача қарама-қарши йўналишда ҳаракатландик. Ҳаракат вақтида ҳайдовчи бошқарувни йўқотгани сабаб машина бетон тўсиқ устига чиқиб қолди. Шундан кейин Ҳожиакбар машинадан тушиб, ДАН ходими билан уришиб кетди», – дейди айбланувчилардан бири.

«Matiz» автомашинаси ичида бўлган 4 нафар йигитдан 2 нафари ППХ ходимига ташланиб, унинг бош қисмига уриб, сўнгра ўткир тиғли қурол, яъни пичоқ билан ҳужум қилган.

«Бизда 55-буюриғимиз бор. Унга кўра, қуролли ҳужум бўлганда уни қайтариш мақсадида қурол ишлатиш ҳуқуқига эгамиз. Тартиббузарлар ёшлиги сабаб қурол ишлатмадик, оғзаки огоҳлантирдик», — дейди ППХ ходими.

Яна бир ЙПХ ходимининг таъкидлашича, у фуқароларни ёшлиги ва қўшимча куч етиб келгани боис шеригини отиш ниятидан қайтарган. Транспорт воситаси текширилганда бурунга сепадиган кучли психотроп моддалар аниқланган. Қўшимча кучлар келгани сабабли безорилар номаълум тарафга қараб қочган. Ходимлардан бири жанжалдан сўнг оёғида кучли оғриқ сезгани сабабли тез тиббий ёрдам шифокорларига мурожаат қилган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида мазкур шахсларнинг икки нафари муқаддам судланганлиги аниқланган. Улардан бири ўғрилик жиноятини содир этгани учун судланиб, тузалиш йўлига киришига имконият берилган эди. Таъкидланишича, унга кечаси уйдан чиқиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (жамоат тартибини сақлаётган ходимга нисбатан қаршилик кўрсатиб безорилик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Учқўрғонда ИИБ ходимлари ҳайдовчига куч билан тиббий ниқоб тақтирмоқчи бўлгани ҳақда хабар қилинган эди. Шунингдек, Попда ички ишлар ходими ерни ноқонуний эгаллаб олган эркакка тан жароҳати етказгани маълум қилинган.

Янгиликлар