Самарқанднинг 3 та ҳудудидаги 5 та трансформатор таъмирлаш ишларидан сўнг ишга туширилди

Самарқанднинг 3 та ҳудудидаги 5 та трансформатор таъмирлаш ишларидан сўнг ишга туширилди. Бу ҳақда «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» матбуот хизмати

Маълум қилинишича, «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти томонидан 2020/2021 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан сўнгги 8 ойда 2156,3 километр масофадаги электр узатиш тармоқлари таъмирланган. Ушбу таъмирланган электр узатиш тармоқларидан 1912,8 километр масофада 0,4-10 кВ паст кучланишли, 243,5 км масофада 35-110 кВ юқори кучланишли электр тармоқлари ҳамда 648 дона трансформатор пунктидан 35/110 кВли 8 та режалаштирилган трансформаторнинг 5 тасида таъмирланган.

Қайд этилишича, вилоятда куз-қиш мавсумига электр ускуна ва тармоқларни тайёрлаш мақсадида 5534 километр масофада электр узатиш тармоқлари ва 1575 дона трансформатор пунктида таъмирлаш ишлари режалаштирилган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида жойлашган 110/10 киловаттли «Хлопкомаш» подстанциясида икки дона 10 000 киловаттли Т-1, Т-2 трансформаторлари, Булунғур туманида 35/10 киловаттли «Килдон» подстанциясида қуввати 4000 ва 10 000 киловаттли трансформаторлар ва Пайариқ туманида 35/10 киловаттли «Найман»подстанциясида қуввати 6300 киловаттли Т-2 трансформатори таъмирдан кейин ишга туширилган. Ҳозирда Ургут туманидаги 35/10 киловаттли «Уч қаҳрамон»подстанциясида 4000 киловатт қувватли Т-2 трансформаторни таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижондаги нимстанцияларда таъмирлаш ишлари амалга оширилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинчалик Самарқандда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан 2 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари таъмирлангани маълум қилинди.

Янгиликлар