Фарғонада савдо дўконларидан раста олиб беришни ваъда қилиб, 16 минг доллар олган эркак ушланди

Фарғона шаҳрида савдо дўконларидан раста олиб беришни ваъда қилиб, танишининг 16 минг долларини сарфлаб юборган эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Фарғона шаҳрида 2017 йилнинг май ойида фуқаро Ю.Х. таниши Н.Л.нинг ишончига кириб, 16 минг доллар эвазига Андижон шаҳри ва Қўқон шаҳрида жойлашган савдо дўконларидан савдо растаси олиб беришини айтган. Ундан 16 минг долларни олиб, берган ваъдасини бажармасдан алдов йўли билан қўлга киритган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Олтиариқда 12 минг долларлик узумларни Самарада сотиб беришини айтиб, танишини чув туширган эркак жавобгарликка тортилгани, Қаршида тарозибонликка ишга кирмоқчи бўлган одамдан 80 минг доллар талаб қилган эркак ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар