Қаршида тарозибонликка ишга кирмоқчи бўлган одамдан 80 минг доллар талаб қилган эркак ушланди
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида тарозибонликка ишга кирмоқчи бўлган одамдан 80 минг АҚШ доллари талаб қилган 43 ёшли эркак қўлга олинди.
Маълум қилинишича, Қарши шаҳрида яшовчи шахс юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали маҳаллий фуқарони «Қарши иккиламчи қора металл» масъулияти чекланган жамиятига тарозибон лавозимига ишга жойлаштириб қўйишини айтган. Мазкур иш эвазига 80 000 АҚШ доллари талаб қилган.
Таъкидланишича, ДХХ Қашқадарё вилояти ҳамда Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Натижада мазкур фирибгар сўралган пулларни олган вақтда ашёвий далил билан ушланган.
Қайд этилишича, ҳозирда қўзғатилган Жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Каттақўрғонда танишидан 135 миллион сўмлик қорамол олиб, пулини бермаган фуқарога жиноий иш қўзғатилгани ва Бухорода 45 млн сўм эвазига ИИОга ишга киритиб қўймоқчи бўлган эркак ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Сўнгра Ўзбекистон туманида фирибгарлик қилиб, қидирувда бўлган эркак ушлангани ҳамда Жиззахда аёлларни хорижга фоҳишаликка юбопган 22 яшар йигит қўлга олингани маълум қилинди.