Бухорода 45 млн сўм эвазига ИИОга ишга киритиб қўймоқчи бўлган эркак ушланди

Бухоро вилоятида Миллий гвардиядаги мансабдор танишлари орқали Ички ишлар органларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фуқародан 45 миллион сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган эркак ушланди. Бу ҳақда ИИБ хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Ғиждувон тумани «А.Қодирий» маҳалласида яшовчи, 39 ёшли фуқаро Ж.К. Қоровулбозор тумани «Имом Бухорий» МФЙда яшовчи  Д.О.нинг ишончига кирган. Вилоят ички ишлар бошқармаси ва Ўзбекистон Миллий Гвардияси Бухоро вилояти бошқармасида юқори лавозимларда ишлайдиган мансабдор танишлари орқали, ўғли Н.Ё.ни ички ишлар органлари тизимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилган. 2019 йилнинг ноябрь ойидан 2020 йилнинг январь ойига қадар бўлган вақт оралиғида жами 45 миллион сўм нақд пулларини қўлга киритган.

Маълумот учун, фуқаро муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) ва 25, 28, 211-моддаси 1-қисми (пора бериш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун айбли деб топилган. У озодликни чеклаш тарзидаги жазо муддатини ўтаб келаётган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ж.К.га нисбатан Қоровулбозор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексиниг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода ишга жойлаш эвазига 500 доллар талаб қилган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, стюардессаликка жойлаш эвазига аёлни 1000 долларга «ухлатган» андижонлик йигит қўлга олингани ҳамда Aндижонда фуқарога 20 миллион сўм эвазига ер олиб беришни ваъда қилган фирибгар ушлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар