Стюардессаликка жойлаш эвазига аёлни 1000 долларга «ухлатган» андижонлик йигит қўлга олинди

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 28 ёшли аёлдан авиакомпанияга стюардессаликка ишга жойлаш эвазига 1000 доллар олиб, ваъдасида турмаган йигитга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда шаҳар ИИББ хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Юнусобод тумани ички ишлар органларига 28 ёшли М.Ю. ушбу йигит устидан ариза ёзиб мурожаат қилган.

У аризасида 2017 йилнинг июнь ойида танишлари орқали авиакомпанияга стюардесса ишига жойлаштиришни ваъда қилган андижонлик 26 ёшли Ф.A.га нисбатан чора кўришни сўраган. Таъкидинишича, Ф.А хизмати эвазига 1000 доллар олиб ваъдасида турмасдан, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган.

Қайд этилишича, мазкур факт асосида Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 168-моддаси кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода фотомоделликни таклиф қилиб, қиздан алдов йўли билан 650 минг сўм олган «фотограф» қўлга тушгани ҳамда Наманганда фуқарони 200 минг долларга чув туширган фирибгарга жиноят иши қўзғатилгани ҳақда хабар қилинганди.