Бухорода ишга жойлаш эвазига 500 доллар талаб қилган шахс қўлга олинди

Бухорода 8 cентябрь куни ишга жойлашни ваъда қилиб, эвазига 500 доллар талаб қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Бухоро шаҳрида яшовчи Ш.Ш. Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи Р.С.ни алдаб, 500 доллар эвазига ишга жойлашини айтган. Маълум қилинишича, ушбу шахс Р.С.ни танишлари орқали «Лукойл» компаниясига ишга киритишни ваъда қилган.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда 8 cентябрь куни Ш.Ш. кимёвий ишлов берилган ашёвий далил — 200 доллар ва 1 миллион сўм пулларни Бухоро шаҳридаги «Кўксарой» нонвойхонаси олдида олган вақтида ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ш.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-модда (Фирибгарлик) 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмида киўрсатилган жиноятни содир этган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ стюардессаликка жойлаш эвазига аёлни 1000 долларга «ухлатган» андижонлик йигит қўлга олингани ҳамда Aндижонда фуқарога 20 миллион сўм эвазига ер олиб беришни ваъда қилган фирибгар ушлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар