Умра зиёрати тўрт босқичда қайта ташкил этилади

Саудия Арабистони Умра зиёрати тўрт босқичда қайта ташкил этилишини маълум қилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хабар берди.

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, Умра зиёрати тўрт босқичда, Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклиф ва тавсиялари асосида қайта ташкил этилади.

  • 1-босқич — Саудия Арабистонида яшовчилар учун 2020 йил 4 октябрь кунидан эътиборан чекланган миқдорда ички Умра зиёрати очилиши кутилмоқда. Бунда зиёратчилар сони чекланган бўлиб, махсус онлайн навбат дастури орқали рўйхатга олинади ва уларнинг кунлик умумий адади 6000 нафарни ташкил этади.
  • 2-босқич — 18 октябрь кунидан эътиборан кунлик зиёратчилар сони 15 минг нафарга оширилади.
  • 3-босқич — 1 ноябрь кунидан бошлаб, хорижлик зиёратчиларни қабул қилиш амалиёти жорий этилади. Бунда кунлик 20 минг зиёратчига хизмат кўрсатиш назарда тутилган. Рухсат этилган давлатлар рўйхати мамлакатларнинг эпидемиологик ҳолатидан келиб чиқиб, Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантирилади.
  • 4-босқич — Мавжуд эпидемиологик вазият сабабли ўрнатилган карантин чекловлари батамом олиб ташлангач, Умра зиёрати пандемиядан олдинги ҳолатдагидек тўлиқ тикланади.

Вазирлик хабарида юқоридаги барча босқичлар Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмаси асосида юмшатилиши ёки кучайтирилиши, хорижий давлатлар рўйхати шакллантириши ва тасдиқланиши, зиёратчиларнинг Масжид ал-Ҳарамга махсус онлайн навбат дастури асосида киритилиши эслатиб ўтилади.

Қайд этилишича, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Саудия Арабистони расмийлари томонидан белгиланган карантин талаблари асосида Умра зиёратини ташкил этиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Aрабистони аҳолиси учун 4 октябрдан Умра зиёратига рухсат берилиши маълум қилинган эди.

Янгиликлар