Булунғурда қиймати 30 млрд сўмдан ортиқ бўлган балиқчилик лойиҳаси амалга оширилади

Самарқанд вилояти Булунғур туманида қиймати 30 миллиард сўмдан ортиқ бўлган балиқчилик лойиҳаси амалга оширилади.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти бўйича 30 минг тонна балиқ етиштириш, 45 миллиард 445 миллион сўмлик 30 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Ҳозиргача 3 та лойиҳа ишга туширилиши эвазига 8 та янги иш ўрни яратилган.

Қайд этилишича, Булунғур туманида Испаниянинг «Nikami» фирмаси билан хамкорликда форель балиқларини етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. 30 миллиард 240 миллион сўмлик ушбу лойиҳа тўла қувват билан иш бошлагач, 10 та янги иш ўрни яратилади ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Маълумот учун, Самарқанд вилоятида 458 та балиқчилик хўжалиги бор ва уларга 8972 гектар майдон ажратилган. Шундан 7479 гектари табиий ва 1493 гектари сунъий сув ҳавзаларида жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда чорвачилик ва балиқчилик йўналишларида кластерлар ташкил этилганди. Шунингдек, Самарқандда 2020 йил балиқчилик соҳасидаги фойданинг ярми ҳам бюджетга туширилмагани айтилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар