Самарқандда 2020 йил балиқчилик соҳасидаги фойданинг ярми ҳам бюджетга туширилмагани айтилди

Самарқандда балиқчиликдан олиниши керак бўлган фойданинг ярми ҳам бюджетга туширилмагани айтилди. Бу ҳақида «Zarnews» хабар берди.

Маълумотларга кўра, вилоят ҳокимлигида ўтказилган ҳокимлик соатида балиқ етиштириш борасидаги мавжуд аҳвол таҳлил қилинди.

Қайд этилишича, ҳозирда 1718 гектар майдонда балиқ боқиш ҳавзалари ташкил этилган. Шундан 1381 гектар сунъий сув ҳавзалари, 82 гектар чавоқ етиштириш майдони, 315 гектар ярим интенсив, 17 гектар интенсив ҳавзалар ва 5 та ёпиқ сув айланма тизими мавжуд.

Шунингдек, 9 та сув омборида 7 987 гектар табиий сув ҳавзаларида балиқ етиштирилмоқда. 2019 йилда балиқ етиштириш режаси 20 минг тонна қилиб белгиланган. Амалда эса 8,8 минг тонна (44 фоиз) балиқ етиштирилган.

Етиштирилган балиқ маҳсулотининг бир килограмми учун ўртача 10 минг сўм ҳисобида 87,6 миллиард сўм маблағ туширилиши керак эди. Аслида эса 33,4 миллиард сўм маблағ банк ҳисоб рақамига кирим қилинган. Шунга кўра, бир килограмм балиқ учун ўртача нарх 3810 сўмни ташкил қилган. Жумладан, Булунғурда 987 сўм, Каттақўрғонда 1679 сўм, Нарпайда 1185 сўм, Оқдарёда 1950 сўм, Тойлоқда 1572 сўм ва Ургутда 1072 сўмни ташкил қилиб, сотилган балиқ маҳсулотлари банк ҳисоб рақамларига кирим қилинмаган.

Айтилишича, 160 та хўжаликда банк ҳисоб рақамига маблағ умуман кирим қилинмаган. Пайариқда 36 та, Иштихонда 30 та, Паст Дарғомда 24 та, Каттақўрғонда 14 та, Булунғурда 13 та ва Оқдарёда 11 та хўжаликда 2019 йилда банк орқали пул маблағлари айланиши таъминланмаган.

Маълумот учун, Фарғонада йил якунигача 35 минг тонна балиқ етиштирилади. Бухоро туманида эса куз фаслида 200 тонна балиқ маҳсулоти олиниши маълум қилинган.

Янгиликлар