Фарғонада йил якунигача 35 минг тонна балиқ етиштирилади
Фарғона вилоятида йил якунигача 35 минг тонна балиқ етиштириш режалаштирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Ёзёвон сув омборига ташриф буюриб, дамбалар мустаҳкамлиги, сув сақлаш ва суғориш тизимларига тақсимлаш ҳамда балиқчилик хўжалигидаги аҳвол билан танишган.
«Ёзёвон сув омбори водий аҳолиси учун стратегик аҳамиятга эга. Сув зарга тенг, деймиз. Демак уни имконият бўлган чоғида кераклигича ғамлаб олиш ва оқилона сарфлаш талаб этилади. Биз сув омборидан вилоятнинг энг катта балиқ кўли сифатида ҳам самарали фойдаланишимиз лозим», — деди вилоят ҳокими.
Ёзёвон сув омборида балиқчилик билан шуғулланаётган тадбиркорнинг таъкидлашича, Мустақиллик байрами кунларида 100 тонна балиқни шаҳар ва туманлар аҳолисига етказиб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, сув омборида осетра, хонбалиқ етиштириш хўжалиги ҳам йўлга қўйилиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонадаги «Лойиҳалар фабрикаси»да 104 миллиард сўмлик 30 та лойиҳавий таклиф ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бухоро туманида куз фаслида 200 тонна балиқ маҳсулоти олиниши маълум қилинди.