Фарғонадаги «Лойиҳалар фабрикаси»да 104 миллиард сўмлик 30 та лойиҳавий таклиф ишлаб чиқилди

Фарғонада ташкил этилган «Лойиҳалар фабрикаси»да 104 миллиард сўмлик 30 та лойиҳавий таклиф ишлаб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Қайд этилишича, инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Фарғона шаҳрида илк бор «Лойиҳалар фабрикаси» иш бошлаган. Мазкур фабриканинг мақсади аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, ушбу соҳага истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва маҳаллий ҳамда хорижий инвесторларга тақдим этишдан иборат. Бунда ғояни лойиҳага, лойиҳани корхонага, корхонани экспортёрга айлантириш кўзланган бўлиб, мазкур фабрика республиканинг барча вилоятларида 3 та банк қошида ташкил этилиши белгиланган.

Фото: ЎзА

Мазкур фабрикага вилоятдаги 8 нафар ёшлар танлов асосида ишга қабул қилинди. Ўтган вақт давомида ёш консультантлар шаҳар ва туманларнинг иқтисодий салоҳиятини ўрганиб, янги, инновацион, креатив лойиҳалар тайёрламоқда. Ҳозирга қадар бу ерда 104 миллиард сўмлик 30 та лойиҳавий таклиф ишлаб чиқилди, дейилади хабарда.

Ўзбекистон туманида умумий хизмат маркази, Риштон туманида пистачилик плантацияси, Бувайдада шоличилик кластери, Олтиариқда узум концентрацияси, Бешариқда мевалар мураббоси, Қува туманида эса ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш комплекси ташкил этиш бўйича лойиҳавий таклифлар қўллаб-қувватланди. Бу вилоятда фаолият бошлаган «Лойиҳалар фабрикаси»нинг дастлабки ютуқлари сирасига киради. Мазкур режаларни рўёбга чиқариш орқали вилоятда 600 дан зиёд янги иш ўрни яратилади.

«Биз фабрикада ишланган ва ҳар томонлама ҳисобланган янги ғояларни тадбиркорларга таклиф қиламиз. Шунингдек, айни кунларда Германия, Жанубий Корея, Хитой сингари кўплаб хориж давлатларида яшаётган ўнлаб ватандошларимиз билан вилоятга инвестиция киритиш бўйича келишувларга эришяпмиз. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган тадбиркорларга вилоятдаги инвестициявий муҳит, бу борада яратилган имтиёзлар хусусида батафсил маълумот берамиз», — дейди «Лойиҳалар фабрикаси» менежери Садафбек Ҳусанбоев.

Бувайда туманида бир йилда 70 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилади. Аммо уларни қайта ишлаш тармоғи мавжуд эмас. Туманда мева-сабзавотларни сақлаш ва қайта ишлаш ҳажмини оширишга мўлжалланган бизнес-режанинг лойиҳа қиймати 11 миллиард сўмдан ортиқ бўлиб, бу туманда 50 та янги иш ўрни яратиш имконини беради.

«Лойиҳалар фабрикаси» мутахассислари Бешариқ туманида мевалар мураббоси тайёрлаш ва экспорт қилишни режалаштирган тадбиркорга истиқболли бизнес-режа тайёрлаб берди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш орқали 20 та янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, 16 август куни «Лойиҳалар фабрикаси»да ишлаётган бир гуруҳ йигитлар-қизларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Убайдуллаев, вилоят ҳокими ўринбосари М.Абдураҳмонов сўзга чиқиб, иқтидорли ёшларнинг бизнес лойиҳалари туманларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этишда муҳим ўрин тутаётганлигини таъкидлади. Менежер Садафбек Ҳусанбоевга 20 миллион сўм, консультантлар Муҳаммадхон Мўйдинов, Абдулвосит Миножиддинов, Нилуфар Зиёдиннова ва Лолахон Йўлдошевага 10 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида «Ишга марҳамат» мономаркази ташкил этилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар