Самарқанд шаҳрида «Ишга марҳамат» мономаркази ташкил этилади
«Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори имзоланганди. Ушбу қарорга асосан Самарқанд шаҳридаги «Боғишамол» саноат касб-ҳунар коллежида «Ишга марҳамат» мономаркази ташкил этилади.
Шу билан бирга, Самарқанд ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази (Самарқанд шаҳри) ва Каттақўрғон касб-ҳунарга ўқитиш маркази (Каттақўрғон шаҳри) ташкил этилиши белгиланган. Шунингдек, Cамарқанд вилоятининг барча шаҳар ва туманларида маҳалла аҳолисини касбга ўқитиш масканлари фойдаланишга топширилади.
Маълумот ўрнида, Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этиш учун «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг бинолари, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига кўра бошқа бўш турган бинолар ёки уларнинг бир қисми оператив бошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади. Бундан ташқари, нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларига ўқув дастурлари ва ўқитувчиларни мустақил танлаш ҳуқуқи тақдим этилади.
«Ишга марҳамат» мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари битирувчиларининг касбий малакасини халқаро WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек, баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга республикада ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти берилади. Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилади.
Таъкидланишича, ушбу лойиҳалар ижросига 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 150 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Аввалроқ Самарқандда фуқароларни қарийб 787 миллион сўмга чув туширган агентлик мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳамда вазир ўринбосари Самарқанд шаҳридаги «темир дафтар»га киритилган оилаларга кўрсатилаётган ёрдам билан танишгани ҳақида хабар берилганди.