Самарқандда ўтган 9 ой давомида қанча картошка етиштирилганлиги маълум бўлди

Самарқандда 2020 йилнинг 9 ойида картошка маҳсулоти республика бўйича энг кўп етиштирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, ўтган 9 ой давомида Ўзбекистонда 2 минг 432 тонна картошка етиштирилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 101,6 фоизни ташкил қилган. Етиштирилган картошка ҳажмини бошқа тоифадаги хўжаликлар билан таққослаганда юқори кўрсаткичлар 2 минг 96 тонна ёки умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 86,2 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларида қайд этилган.

Ишлаб чиқариш ҳажми бўйича 2019 йилга нисбатан фермер хўжаликларида 4,2 фоиз, деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларида 1 фоиз ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларда 34,8 фоиз ўсиш қайд этилди.

Картошка ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг энг юқори улушига эга ҳудудлар:

  • Самарқанд вилояти — 21,1 фоиз;
  • Сурхондарё вилояти — 11,8 фоиз;
  • Тошкент вилояти — 10,9 фоиз;
  • Фарғона вилояти — 9,9 фоиз;
  • Андижон вилояти — 9,4 фоиз.

Аввалроқ Самарқандда 2020 йилнинг 9 ойида қайси маҳсулотлар республика бўйича энг кўп етиштирилгани маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар