Шайхонтоҳурдаги мактабда эр-хотин боласини талашиб жанжаллашди — видео

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 7 декабрь куни мактаб ҳовлисининг олдида ота-она ўз боласини талашиб, жанжаллашди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram/@tezvideouz

Таъкидланишича, 7 декабрь куни ижтимоий тармоқда «Шайхонтоҳурдаги 19-мактабда ота-она фарзандини талашмоқда» номли видеолавҳа тарқалган. Унда вояга етмаган қиз бир неча киши томонидан тортқилаб олиб кетишга ҳаракат қилинган, воқеа жойида бўлган ички ишлар ходими тўпланганларни тинчлантиришга уринган. Мазкур ҳолат Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўрганилган.

Маълум бўлишича, Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ижро варақасига асосан, вояга етмаган Х.Р.ни онаси Х.М. тарбиясига олиб бериш ва унинг яшаш манзили Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Дўмбиробод маҳалласи этиб белгилаш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган.

Шу куннинг ўзида МИБ туман бўлими томонидан ижро иши юритиш қўзғатилиб, қарздорга ушбу ижро варақада кўрсатилган талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун 15 кунлик муддат берилган. Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ажримига кўра, ҳал қилув қарорининг ижроси кассация тартибида кўриб чиқилгунга қадар вақтинча тўхтатилган ва ушбу суднинг «кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдириш» тўғрисидаги ажримига асосан ижро ҳужжати тикланган.

МИБ Шайхонтоҳур туман бўлими давлат ижрочилари бир неча бор қарздорнинг яшаш манзили, яъни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Махтумқули кўчасига борганда тайинланган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида вояга етмаган Х.Р. онаси Х.М. билан боришдан бош тортганлиги, шундан сўнг Шайхонтоҳур тумани ҳудудидаги 19-мактабда олиб борилган ижро ҳаракатлари кузатувчилар томонидан видеотасвирга олингани ва ижтимоий тармоқларда тарқатилганлиги маълум бўлган.

Шунингдек, қарздордан ундирувчига (отадан она тарбиясига олиб бериш) бўйича ижро ҳужжати юзасидан вояга етмаган Х.Р. онаси Х.М. билан боришдан бош тортганлиги сабабли ижро ҳаракатлари кейинга қолдирилганлиги аниқланган.

Аввалроқ Наманганда ҳайдовчилар газ «заправка»да навбат талашиб муштлашгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сурхондарёда 9 нафар йигит мураббийини урган фуқарони бита билан калтаклагани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар