Шавкат Мирзиёев Uzbekistan Airways чипталарининг нархини арзонлаштириш бўйича топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев Uzbekistan Airways чипталарининг нархи баландлигини танқид қилиб, уни арзонлаштириш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, Президент бу ҳақда 9 декабрь куни туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида тўхталиб ўтган.

Маълум қилинишича, 2021 йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Бу борада энг катта манба, аввало, зиёрат туризми эканлиги, мамлакатда ислом динига оид кўплаб зиёратгоҳлар, яҳудийлик, буддавийлик ёдгорликлари борлиги таъкидланган. Хабарда айтилишича, бу имкониятдан фойдаланиб, 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкин.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Шу боис келгуси йилдан Европа мамлакатлари, Малайзия, Индонезия, Покистон, Таиланд, Япония каби давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш, янги рейсларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди. Миллий авиакомпаниямизда чипталар нархи баландлиги танқид қилиниб, уни арзонлаштириш вазифаси қўйилди», дейилади хабарда.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев зиёрат туризмида тарғибот ва илмий ёндашув етишмаётганини таъкидлаган. Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари билан бирга бу борадаги ишларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган. Зиёрат туризми бўйича салоҳиятли давлатлар фуқаролари учун виза тизимини соддалаштиришга доир таклифлар билдирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Aввалроқ «Uzbekistan Airports» АЖ пандемиянинг Ўзбекистон аэропортларига салбий таъсирларини очиқлагани ҳамда Ўзбекистон аэропортларида босқичма-босқич янги халқаро тизим ўрнатилиши ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар