Тўрақўрғонда «темир дафтар»га киритилган 900 тадан ортиқ оила камбағалликдан чиқарилди
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида 900 тадан ортиқ оила «темир дафтар»дан чиқарилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, туманда фаолият юритаётган йирик саноат объектларида «темир дафтар»га киритилган кўплаб оилалар вакиллари иш билан таъминланди.
Туманнинг «Кумидон», «Шохидон» ва «Гулистон» маҳаллаларининг «темир дафтар»га тушган 41 та оиласи учун март ойининг сўнгида асосий кўча бўйидаги ер майдонига 41 та иссиқхона қуриб берилган.
«Шохидон» маҳалласидаги «Шохидон бургутлари» кластерида 300 минг долларлик мева маҳсулолари чет элга экспорт қилинди. Шу кунгача чет элга сотилган 200 тоннадан зиёд гилос, 300 тонна ўрик ва 200 тонна олхўрини тайёрлаш ишларига пандемия даврида туманнинг барча ҳудудларидан 100 дан ортиқ киши жалб қилинган.
Хабарда айтилишича, кластернинг мева-сабзавот сақланадиган совутгичлари турли мева ва сабзавотлар билан тўлдирилиб, экспорт қилишга тайёрлаб қўйилган. Бу совутгичларда ҳам 30 киши иш билан банд.
«Ахси» МФЙда ҳудуддаги 6 та хонадон «темир дафтар»дан чиқарилди. Маҳалладаги вақтинча ишсиз аёллар учун тикув цехи ташкил этилди.
Бундан ташқари, туманда кам таъминланган оилаларни даромадга киритиш учун хонадонларда кластер усулида қуёнчиликни ривожлантириш, иссиқхоналар ташкил қилиш, турли касб-ҳунарга йўналтириш каби лойиҳалар ҳам кенг тарғиб қилинаётганлиги таъкидланган.
Маълумот учун, Тўрақўрғон вилоятдаги аҳолиси ва ер майдони жиҳатидан катта туманлардан бири, бу ерда 226 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маълум бўлишича, туманда «темир дафтар»га киритилган хонадонлар сони даставвал 1271 та бўлган. Айни пайтда уларнинг 900 тадан зиёдроғи (70 фоизи) мазкур рўйхатдан чиқарилган.
Аввалроқ Андижонда «темир дафтар»даги фуқароларга кредитга юк ташиш учун мототранспорт берилгани ҳамда 9 та хонадонга икки бошдан эчки тарқатилгани хабар қилинган эди.