Наманганга рус тилида ўқитиш сифатини ошириш лойиҳаси доирасида 2 нафар россиялик педагог келди
Наманган вилоятига 9 октябрь куни рус тилида ўқитиш сифатини ошириш лойиҳаси доирасида Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг 2 нафар ўқитувчиси келди. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Герцен номидаги давлат педагогика университети мутахассиси Алексей Затсепин ҳамда Марина Савченко иштирокидаги учрашув бўлиб ўтди. Унда ҳар бир туман-шаҳарнинг рус тили фани методистлари ҳамда фан ўқитувчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Қайд этилишича, россиялик мутахасислар билан тузилган ҳамкорлик доирасида 3 ой давомида вилоятдаги мактабларда рус тили фани ўқитувчилари билан биргаликда фанни ўргатишда ва ўрганишдаги тажрибаларни алмашиш лойиҳаси амалга оширилади. Методик ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ўқитувчиларнинг билим даражасини аниқлаб, шундан келиб чиққан ҳолда декабрь ойи сўнгида махсус ўқув қўлланма ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Педагог кадрлар билимларини оширишга қаратилган мазкур давлат дастури мутахассисликлар бўйича ўн йил муддатга режалаштирилган.
Аввалроқ Оҳангарон ҳокими ва ХТБ мудири «қоракўлча ўқитиш» методикаси билан танишгани ҳақида хабар берилганди.