Фарғонага рус тилида ўқитиш сифатини ошириш лойиҳаси доирасида 2 нафар россиялик педагог келди
Фарғона вилоятига 9 октябрь куни рус тилида ўқитиш сифатини ошириш лойиҳаси доирасида Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг 2 нафар ўқитувчиси келди. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Фарғонага ташриф буюрган 2 нафар россиялик мутахассислар Aнна Чакушкина ва Фрида Гудимни вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Феруза Соҳибова қабул қилди. 9 октябрь куни Халқ таълими вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Маориф вазирлиги ўртасида «Ўзбекистон Республикаси мактабларида рус тили фанини ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитиш сифатини ошириш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Унга кўра, Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети ва Aвлоний номидаги Малака ошириш институти ушбу лойиҳани амалга оширувчи ишчи органлар этиб белгиланган.
Ҳамкорлик шартларига биноан, Герцен номидаги Россия Давлат педагогика университетининг 32 нафар ўқитувчиси Ўзбекистонга келган.
Aввалроқ Фарғонадаги мактабларнинг 89 нафар ходимида коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабар рад этилгани ҳақида хабар берилди.