Фарғонадаги мактабларнинг 89 нафар ходимида коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабар рад этилди
Фарғона вилоятидаги мактабларнинг 89 нафар ходимида коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабар рад этилди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Фарғона вилояти бўйича 17 сентябрь кунигача бўлган ҳолатда жами 947 та мактабнинг ўқитувчи ва ходимларидан коронавирус инфекциясига текшириш учун намуналар олинган. Таҳлил натижаларига кўра, ўқитувчилар ўртасида касаллик аниқланмаган.
Ҳозирги кунгача Фарғона вилояти аҳолиси ўртасида жами 379 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор рўйхатга олинган. Қайд этилган беморлар орасида мактаб ўқитувчилари йўқ. Аммо мактабларнинг ишчи ходимлари орасида касалликка чалинганлари бор бўлиб, улар умумий рўйхатга киритилган.
Аввалроқ Пайариқда коронавирусга тест олинган 576 нафар ўқитувчидан 60 нафарида вирус аниқлангани ҳақида хабар берилган. Бухородаги 70 та мактабда эса 239 нафар ўқитувчи коронавирусга чалингани аниқланган.