Пайариқда коронавирусга тест олинган 576 нафар ўқитувчидан 60 нафарида вирус аниқланди

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида коронавирусга тест олинган 576 нафар ўқитувчидан 60 нафарида вирус аниқланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, туман Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан тумандаги 99 та умумтаълим мактабидан 12 сентябрь кунига қадар 55 таси ўрганиб чиқилган. Фаолиятини тиклашга тайёр бўлган мактабларга эса ўқишни анъанавий тарзда давом эттириш бўйича тавсиялар берилган.

Қайд этилишича, 12 сентябрга қадар СЭО маркази томонидан тумандаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 1860 нафар ўқитувчидан COVID-19 вирусига тест олинган. Шунингдек, 1-куни тест топширган 576 нафар педагог-ходимдан 60 нафарида коронавирус аниланган. Мазкур ўқитувчиларга нисбатан провизор госпиталига ётқизилиши ва профилактик тадбирларни ўтказилиши бўйича хулоса берилган.

Шунингдек, 2020—2021 ўқув йилига 96 та мактаб тайёр ҳолга келтирилган. Мактабларга коронавирусдан ҳимояланиш учун жами 208 дона пирометр, 672 дона дозатор, 21 452 литр антисептик аралашма ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун 3128 дона тиббий ниқобга эҳтиёж мавжуд эканлиги қайд этилган.

Маълумот учун, ўқувчиларни анъанавий таълим жараёнига жалб қилиш борасида синф раҳбарлари томонидан 47 810 нафар ота-она билан мулоқот қилинган бўлиб, шундан 35 850 нафар (72,3 фоиз) ота-она анъанавий таълим шаклини ва 11 959 нафари (27,3 фоиз) масофавий таълим шаклини танлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бўстондаги ўқитувчиларда коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабар рад этилгани ва Жомбой туманида 40 нафар ўқитувчи коронавирусга чалингани маълум бўлган эди.

Янгиликлар