Бўстондаги ўқитувчиларда коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабар рад этилди

Ижтимоий тармоқда 2 сентябрь куни тарқалган «Хавотирлар асоссиз эмас экан, ўқитувчиларда COVID-19 аниқланди» номли видеоролик юзасидан Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати расмий изоҳ берди.

Бош вазир раислигида 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда белгиланган топшириғи, Андижон вилоят СЭО марказининг кўрсатма хатига асосан, Бўстон туман СЭО маркази томонидан 28—29 август кунлари соат 8:00 дан тумандаги мактаб ўқитувчиларидан тест олинган.

Коронавирус инфекциясига текшириш учун туман ХТБ томонидан тумандаги мактаб ўқитувчилари рўйхати берилган. Тест олиш даврида 50 га яқин мактаб техник ходимлари ҳам қўшилиб келганлиги аниқланган. Уларга белгиланган тартибда намуна олиниши тушунтирилиш даврида ушбу техник ходимларининг 20—30 нафари намуна олинаётган кириш қисмидан эмас, бинонинг орқа эшигидан навбатдан ташқари намуна топшириш мақсадида киришга уринганларида бир оз тартибсизликлар келиб чиққан. Ушбу тартибсизликлар ўз ўрнида бартараф этилган.

Олинган тест натижаларига кўра 13 нафар ўқитувчида COVID-19 инфекциясига гумон аниқланган. COVID-19 инфекциясини юқумлилик (инкубацион) даври 2—4 кун бўлиб, 28 августдан 2 сентябрга қадар ўқитувчилар орасида COVID-19 клиникаси бўйича мурожаат қилганлар аниқланмади. Туман СЭО маркази томонидан олинган намуналар карантин қоидаларига амал қилган холда олинганлиги аниқланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш таклиф этилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик COVID-19 пандемияси даврида мактабларга қўйиладиган санитария талаблари маълум қилинди. Сўнгра Ўзбекистонда янги ўқув йили олдидан мактабларга салкам 10 минг нафар тиббиёт ходими жалб қилинганди.

Янгиликлар