Жомбой туманида 40 нафар ўқитувчи коронавирусга чалингани маълум бўлди

Самарқанд вилояти Жомбой туманида 40 нафар ўқитувчида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги — ХI сессиясида маълум қилинди.

Фото: Жомбой туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, 11 сентябрь куни тумандаги 56 та умумтаълим мактабида 32 минг 349 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Янги ўқув йили учун яна 3568 нафар бола 1-синфга қабул қилинган.

Пандемия шароитида ўқув йилини бошлаш бўйича 25—26 август кунлари ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказилган. Тадбирга 29 минг 430 нафар респондент (жами ота-оналарнинг 91 фоизи) жалб этилган. Унга кўра, 23 минг 41 нафар ота-она (78 фоиз) дарсларни анъанавий шаклда бошлаш, 6389 нафар ота-она (22 фоиз) ўқишни онлайн тарзда ташкил этиш фикрини билдирган.

«Мавзу жуда жиддий, олдимизда фарзандларимизни хатарли хасталикдан асраш, шу билан бир қаторда, уларнинг қониқарли билим олишларини таъминлаш масъулияти турибди. Янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида 48 та мактаб жамоаси тиббий текширувлардан ўтказилди. Жараёнга 1934 нафар ўқитувчи қамраб олинди. Афсуски, дастлабки натижалар 40 нафар педагогда COVID-19 инфекцияси мавжудлигини тасдиқлади. Яна 28 та мактаб ўқитувчиларидан олинган тест натижалари кутилмоқда. Хасталикка чалинган ходимлар таълим жараёнига жалб этилмайди. Улар онлайн тарзда иш фаолиятини давом эттириши мумкин», — дейди халқ таълими бўлими мудири.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, янги ўқув йилини 34 ва 38-умумтаълим мактабларида 16 сентябрдан тажриба-синов сифатида бошлаш таклиф қилинди. Шунингдек, COVID-19 инфекцияси аниқланмаган 4, 5, 6, 7, 8, 12, 14, 16, 19, 21, 35, 54-мактабларда дарсларни 21 сентябрдан тегишли кетма-кетликда очиш кун тартибига қўйилди. Қолган мактаблар фаолиятини тиклаш келгусида вазиятдан келиб чиқиб ҳал этилиши тавсия этилди.

Сессияда янги ўқув йилини 16 сентябрдан босқичма-босқич тарзда бошлаш таклифи маъқулланди. Туман мактабгача таълим ташкилоти мудирининг ахбороти эса депутатлар томонидан рад этилди ва кейинги сессияларда қайта кўриб чиқилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқ таълими вазирлиги пандемия шароитида мактабларга кириб-чиқиш тартибини маълум қилганиПешку ва Ромитандаги 6 та мактабда, Фарғонада 19 та мактабда синов тариқасида дарс жараёнлари бошлангани хабар қилинган эди.

Шунингдек, янги ўқув йилида мактаблардаги бир қатор фанлар вақтинча ўтилмаслиги мумкинлиги, мактабларда дезинфекция воситаларини харид қилишда ўқитувчилардан пул йиғилмаслиги ҳамда COVID-19 пандемияси даврида мактабларга қўйиладиган санитария талаблари маълум қилингани ва ўқувчилар янги ўқув йилида форма киймаслиги ҳақида хабар берилганди.