Пешку ва Ромитандаги 6 та мактабда ўқув жараёнлари бошланди

Бухоро вилояти Пешку ва Ромитан туманларидаги 6 та умумтаълим мактабида ўқиш бошланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, Пешкўу туманидаги 24, 25, 27, Ромитан туманидаги 38, 39 ва 40-умумтаълим мактаблари 2020/2021 ўқув йилининг дарс жараёнлари бошланди.

«Гарчанд бу чорлов ҳар галгисидан фарқ қилса-да, илмга чанқоқ ўқувчилар учун чинакам шодиёнага айланди. Фарзандларимиздек бўлиб қолган ўқувчиларимизни жуда соғинган эдик. Пандемия сабаб уларнинг билимида бўшлиқлар пайдо бўлишидан жуда хавотирландик. Эндиликда бу хавотирларимизни тўлдириш имконияти туғилди», — дейди Пешку туманидаги 24-умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Гулмира Алишева.

Халқ таълими вазирлиги тавсияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳудудий бўлинмаларининг рухсати билан фаолият бошлаган мазкур мактабларда ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш борасида зарур барча чоралар кўрилган.

Дизенфекция ва антисептик воситалари, тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган. Иссиқлик тизимлари ҳам мавсумга шай ҳолга келтирилган. Ўқувчилар мактабга белгиланган тартибда турли вақтларда, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда кириб-чиқишлари ва дарсларда иштирок этишлари учун намунавий схема ишлаб чиқилган. Бу жараён маҳалла, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари, мактаб маъмурияти, синф раҳбарлари томонидан доимий назоратга олинган.

«Ҳар бир ота-она учун фарзандининг чуқур билим олиши ва жамиятда ўз ўринини топа олишида мустаҳкам замин яратилиши муҳим аҳамиятга эга. Буни янги ўқув йилида мактаблар фаолиятини ташкил этиш бўйича олинган сўровнома натижасидан ҳам билиш мумкин.

Сўровномада мактабимизда таҳсил олаётган 46 нафар ўқувчининг ота-оналари иштирок этди. Уларнинг барчаси ўқув жараёнининг анъанавий тарзда давом этиши тарафдори эканликларини билдирди. Янги ўқув йилининг илк кунида ўқувчиларимизнинг барчаси дарсларда иштирок этди. Бундан жуда хурсанд бўлдик. Ўйлаймизки, эзгу мақсадлар сари ҳамкорликда бошлаган қатъий ва кескин интилишларимиз ҳар қандай тўсиқни талофатсиз енгиб ўтади», — дейди Ромитан туманидаги 39-умумтаълим мактаби директори Ербол Серекбаев.

Вилоятдаги ҳар бир шаҳар ва туманда биттадан мактаб танлаб олинган бўлиб, мазкур мактабларда ўқув жараёнларини белгиланган талаблар асосида ташкил этиш бўйича ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.

Аввалроқ Намангандаги 12 та мактабда 7 сентябрь куни тажриба тариқасидаги илк дарслар бўлиб ўтгани, Сардобада сув тошқинидан жабрланган аҳоли жойлаштирилган мактаб бинолари бўшатилиб, янги ўқув йилига тайёргарлик кўрилаётгани, Попда 2020/2021 ўқув йилида салкам 4 минг нафар бола 1-синфда ўқишни бошлаши ҳақида хабар қилинган эди.

Янгиликлар