Сардобада сув тошқинидан жабрланган аҳоли жойлаштирилган мактаб бинолари бўшатилиб, янги ўқув йилига тайёргарлик кўрилмоқда

Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги сув тошқинидан жабрланган аҳоли ва ҳашарчилар Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманларидаги 11 та умумтаълим объектига вақтинчалик жойлаштирилган. Фуқароларнинг уй-жойлари фойдаланишга топширилганлиги ва ҳашарчилар ўз вазифаларини бажариб бўлганлиги учун 16 августдан бошлаб мактаблар бўшатила бошланган. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сирдарё вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, 5 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган сайёр мажлисида Сардоба сув омборида юз берган техноген ҳалокат оқибатларини бартараф этишнинг бориши ҳақида масала муҳокама қилинган. 6 та мактабга кўчирилган аҳоли вақтинчалик яшаётганлиги сабабли янги ўқув йилига тайёрлаш ишлари кечикаётгани танқид қилинган.

Таъкидланишича, 2020 йил 1 май куни содир бўлган сув тошқини туфайли аҳоли ва ҳашарчилар Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманларидаги 11 та умумтаълим объектига вақтинчалик жойлаштирилган. Сенат ишчи гуруҳи ўрганиб кетгандан сўнг фуқароларни уй-жойлари фойдаланишга топширилганлиги ва ҳашарчилар ўз вазифаларини бажариб бўлганликлари учун 16 августдан бошлаб мактаблар бўшатила бошланди. 24 августда барча таълим муассасалари янги ўқув йилига тайёрланиш учун бўшатиб берилган.

Бош вазир Абдулла Арипов томонидан тасдиқланган Вазирлар Маҳкамасининг йиғилиш баёнига кўра таъмирлаш учун зарур маблағлар ажратилди. Ҳозирги кунгача Мирзаобод туманидаги 27, 32-мактаблар, Оқолтин туманидаги 2, 17-мактабларда таъмирлаш якунланди. Қолган барча мактаблар янги ўқув йилининг бошланиши куни, яъни 14 сентябрга қадар тўлиқ тайёрланиб, ўз фаолиятини бошлайди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш таклиф этилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик COVID-19 пандемияси даврида мактабларга қўйиладиган санитария талаблари маълум қилинди. Сўнгра Ўзбекистонда янги ўқув йили олдидан мактабларга салкам 10 минг нафар тиббиёт ходими жалб қилинганди.

Янгиликлар