Фарғонадаги мактабларнинг 89 нафар ходимида коронавирус аниқланди
Фарғона вилоятидаги мактабларнинг 89 нафар ўқитувчи ва ишчи ходимида коронавирус қайд этилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.
Маълум қилинишича, 17 сентябрь ҳолатига кўра, вилоятда жами 947 та мактабдан 51 620 нафар ўқитувчи ва бошқа ходим коронавирус таҳлилига жалб этилган. Шундан 44 475 нафар ўқитувчи ҳамда 7 145 нафар техник ходим СOVID-19’га тест топширган.
Таҳлил олинган 89 нафар ўқитувчи ҳамда ишчи ходимларидан коронавируснинг мусбат ҳолати аниқланган. Ҳозирда уларга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, 21 сентябрь соат 23:30 ҳолатига кўра, Фарғона вилоятида коронавирусдан даволанаётган сони 12 кишини ташкил этади. Вилоятда коронавирус қайд этилганлар сони жами 379 киши, касалликдан тузалганлар эса 366 нафарга етган. 1 киши вафот этгани расман тасдиқланган.
Аввалроқ Пайариқда коронавирусга тест олинган 576 нафар ўқитувчидан 60 нафарида вирус аниқлангани ҳақида хабар берилган. Бухородаги 70 та мактабда эса, 239 нафар ўқитувчи коронавирусга чалингани аниқланган.