Ўзбекистонда ўқитувчилар гидроксихлорохин ва цинк дорилари билан бепул таъминланади

Ўзбекистонда ўқитувчилар гидроксихлорохин ва цинк дорилари билан бепул таъминланади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, умумтаълим муассасаларида коронавирус билан касалланиш, салбий оқибатларининг олдини олиш мақсадида барча ўқитувчи ва ходимларни гидроксихлорохин хамда цинк препарати билан бепул таъминлаш топширилган.

Ушбу топшириқни бажариш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори имзоланган. Препаратлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан умумтаълим муассасаларининг барча ўқитувчи ва ходимларига етказиб берилиши бошланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус беморларини даволашда қўлланиладиган тиббий буюм, техника ва дори воситалари рўйхатига ўзгартириш киритилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусни даволашда ишлатилаётган гидроксихлорохин дорисининг ўлим хавфини ошириши тан олинган эди. Шунингдек, мутахассис коронавирусда осма укол зарарли экани ва ўлимга олиб келиши мумкинлигини айтган.

Бундан ташқари, Пайариқда коронавирусга тест олинган 576 нафар ўқитувчидан 60 нафарида вирус аниқлангани ҳақида хабар берилган. Бухородаги 70 та мактабда эса, 239 нафар ўқитувчи коронавирусга чалингани аниқланган.

Янгиликлар