Ҳазораспда темир йўл релси ёнида маст эркакнинг ухлаб қолиши сабаб Хива—Тошкент поезди 16 дақиқа тўхтаб қолди

Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида 8 ноябрь, якшанба куни маст эркакнинг темир йўл ёнида ухлаб қолганлиги сабабли Хива—Тошкент поезди 16 дақиқа ушланиб қолди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Маълум бўлишича, 8 ноябрь куни соат 18:35 да Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлимига «Урганч» локомотив депоси навбатчиси Ш.М. телефон орқали Боғот—Ҳазорасп темир йўлининг 357-километри 3-тўсиқда темир йўлнинг ёнида номаълум шахс ётганлиги сабабли Хива—Урганч—Тошкент йўналишидаги йўловчи поезди шошилинч тўхтаганлиги тўғрисида хабар берган.

Воқеа жойига чиқиб ўрганилганда темир йўлнинг ёнида Ҳазорасп тумани Пичоқчи қишлоғида яшовчи, 1981 йилда туғилган Э.И. маст ҳолда ухлаб қолганлиги аниқланган. Поезд соат 18:29 да тўхтаб, соат 18:45 да ўз йўналиши бўйича ҳаракатни давом эттирган. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

Aввалроқ Бухоро туманида темир йўлни кесиб ўтаётган 69 ёшли эркакни поезд босиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Чирчиқ темир йўл вокзалида вагон устида селфи олмоқчи бўлган ўқувчини ток ургани хабар қилинган.

Янгиликлар