Чирчиқ темир йўл вокзалида вагон устида «селфи» олмоқчи бўлган ўқувчини ток урди (видео)
Тошкент вилояти Чирчиқ темир йўл вокзалида вагон устида «селфи» тушмоқчи бўлган йигит оғир тан жароҳат олди. Бу ҳақда «Замон» информацион-таҳлиилий дастурида хабар берилди.
Хабарга кўра, 12 октябрь куни соат 14:20 ларда 4 нафар мактаб ўқувчиси поезд вагони устида суратга тушишга гаров боғлаган. Уларнинг орасидан 14 ёшли Руслан вагоннинг устига чиққан ва темир йўл поезди устига ўрнатилган юқори кучланишли электр токидан жароҳат олган. Оқибатда Русланни 27 минг вольтли ток уриб, оғир тан жароҳат етказган. Ток ургач Руслан ерга йиқилган ва Тошкент шаҳридаги 16-сонли шаҳар касалхонасига олиб келинган.
Бундай бахтсиз ҳодисаларни камайтириш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти, Тошкент минтақавий темир йўл узели, Ички ишлар вазирлиги ва қатор мутасадди ташкилотлар томонидан «Хавфсиз йўл» деб номланган тадбир ўтказилган. Тарғибот тадбирида маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ёшлар қатнашган. Маълум қилинишича, 2020 йилнинг ўтган 9 ойида темир йўл билан боғлиқ 15 та бахтсиз ҳодиса рўй берган.
Аввалроқ Бешариқда ҳайдовчи бульдозерлар орасида қисилиб қолиши оқибатида ҳалок бўлгани, Учқўрғонда трактор тиркамасига осилиб, йиқилган 9 ёшли бола шифохонада вафот этгани хабар қилинган эди.