Бешариқда ҳайдовчи бульдозерлар орасида қисилиб қолиши оқибатида ҳалок бўлди

Фарғона вилояти Бешариқ туманида 21 октябрь куни ҳайдовчи «Shantui SD16» бульдозерлари орасида қисилиб қолиши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, Бешариқ туманида 21 октябрь куни фуқаро Х.А. бошқарувидаги «Shantui SD16» бульдозери Новкат қишлоғида жойлашган Д.М.га қарашли балиқ кўли ҳудудида лойга ботиб қолган. Шундан сўнг Н.А. бошқарувидаги «Shantui SD16» бульдозери уни чиқариб олишга ёрдамлашаётган вақтида орқага ҳаракатланиб, фуқаро Х.А.ни бульдозерлар орасига қисиб қўйган. Натижада Х.А. ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бешариқ тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Олтиариқда мактаб ўқувчиси бошқарувидаги «Labo» трактор тиркамасига урилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар