Ўзбекистон 2020 йилда дунёнинг энг хавфсиз 10 та мамлакати қаторига киритилди

Ўзбекистон 8 ноябрь, якшанба куни «Gellap» халқаро тадқиқот институтининг «Глобал қонун ва тартиб» бўйича йиллик бутунжаҳон рейтингида 92 балл билан дунёнинг энг хавфсиз 10 та мамлакати қаторига киритилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йил 9 ноябрь, душанба куни Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган. Сенат ҳамда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши раиси Танзила Норбоева олиб борган йиғилишда сенаторлар, кенгаш аъзолари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг доимий комиссиялари раислари, илмий-тадқиқот муассасалари, олий таълим ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Хабарга кўра, Жаҳон банкининг бошқарув сифати индикаторларининг 2019 йил якунлари бўйича эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон барча 6 та таркибий индикатор бўйича ўсишга эришган. Йиғилишда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларга оид устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон ўрнини яхшилаш бўйича 2020 йил III чоракда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги кенгаш ишчи органлар раҳбарлари — молия вазири ҳамда адлия вазири ахборотлари эшитилган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларга оид устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш бўйича 2021 йилга мўлжалланган ташкилий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берилган.

Аввалроқ Наманганлик ўқувчилар «Инсон капитали индекси — 2020» рейтингида Ўзбекистон бўйича биринчи ўринни олгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда илмий ташкилотларнинг миллий рейтинги тузилиши маълум қилинган.

Янгиликлар