Наманганлик ўқувчилар «Инсон капитали индекси — 2020» рейтингида Ўзбекистон бўйича биринчи ўринни олди
Наманган вилоятида Жаҳон банки томонидан ўтказилган «Инсон капитали индекси — 2020» рейтингида Ўзбекистон бўйича биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2019 йил октябрь ойининг сўнгги ҳафтасида Жаҳон банки томонидан танлаб олинган таълим муассасаларида мазкур тадқиқот биринчи маротаба ташкил этилган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Жaҳон банки томонидан «Инсон капитали индекси – 2020» рейтинги халқаро тадқиқотлар материаллари ва тамойиллари асосида ўтказилган.
«Инсон капитали индекси — 2019» рейтингида Ўзбекистоннинг тўлақонли аъзо сифатида эътироф этилишини таъминлаш мақсадида ўтказилган тадқиқотнинг асосий-синов жараёни учун Жаҳон банки томонидан танлаб олинган мактаблардаги синов натижалари TIMSS талаблари бўйича тузилган синов материаллари асосида ташкил этилган. 5-синф ўқувчилари ўртасидаги тадқиқот натижаларига кўра Наманган вилоятида ўқувчиларининг ўзлаштириш даражаси 81,0 фоизни ташкил этиб, Ўзбекситонда биринчи ўринни эгаллаган.
Халқаро экспертларнинг кузатувлари остидаги илк синовларда Наманган вилоятидаги 13 та таълим муассасасидан 356 нафар ўқувчи иштирок этган. 2020 йилнинг сентябрь ойида Жаҳон банки дунё давлатларининг 2020 йил учун инсон капитали индексини эълон қилган. Дунё аҳолисининг 98 фоизи истиқомат қилувчи 174 та мамлакат иштирок этган мазкур рейтингда илк маротаба Ўзбекистон ҳам иштирок этган.
Инсон капитали бўйича Ўзбекистон қайд этган кўрсаткичларни жамоатчиликка етказиш мақсадида 2020 йилнинг 19 октябрь куни Республика Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида «Инсон капитали индекси — 2020» рейтингидаги натижаларга бағишланган онлайн-конференция ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ОТМларнинг миллий рейтинги эълон қилинганди.
Шунингдек, Наманган вилояти 2020 йил III чорагида ахборот ва киберхавфсизлик бўйича республикада биринчи ўринни эгаллагани маълум қилинганди.