Ўзбекистонда ОТМларнинг миллий рейтинги эълон қилинди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ОТМларнинг миллий рейтингини эълон қилди. Бу ҳақда таълим тизимини назорат қилиш давлат инспекцияси хабар берди.

Фото: Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекстияси ахборот хизмати

Таъкидланишича, февраль—июнь ойларида республиканинг 57 та олий таълим муассасалари (филиаллари билан бирга) фаолияти таҳлил қилинган ва 2020 йил 1 январь ҳолатига уларнинг рейтинг натижалари тайёрланган. Рейтингга кўра, гуманитар ва иқтисодий соҳада Ўзбекистон миллий университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент молия институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети етакчи ўринларни эгаллаган.

Нукус давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти, Гулистон давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти кабилар эса сўнгги ўринларни эгаллаган. Шунингдек, ушбу соҳада Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўтган йилга нисбатан юқори поғоналарга кўтарилган.

Фото: Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекстияси ахборот хизмати

Техника ва қишлоқ хўжалиги соҳасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент ахборот технологиялар университети, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти етакчи ўринларни эгаллаган. Андижон машинасозлик институти, Бухоро муҳандислик технология институти, Самарқанд ветеринария тиббиёт институти, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти қуйи ўринларни эгаллаган.

Ушбу соҳада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий рейтингда биринчи ўринни яна ўзида сақлаб қолган. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент архитектура-қурилиш институти каби ОТМлар ўтган йилга нисбатан юқори поғоналарга кўтарилган.

Фото: Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекстияси ахборот хизмати

Тиббиёт соҳасида Тошкент стоматология институти, Тошкент тиббиёт академияси, Бухоро давлат тиббиёт институти етакчи ўринларни эгаллаган. Бухоро давлат тиббиёт институти ўтган йилги рейтингдаги 16-ўриндан юқорига кўтарилиб, 12-ўринга чиққан. Тошкент фармацевтика институти, Андижон давлат тиббиёт институти эса сўнгги ўринларни эгаллаган.

Маданият, санъат ва спорт соҳасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти етакчи ўринларга жойлашган. Мазкур ОТМлар дастлабки рейтингларда энг охирги 10 таликка тушган эди. Pейтингда улар мос равишда 29 ва 32-ўринларга кўтарилган. Ўзбекистон давлат хореография академияси соҳада сўнгги ўринни эгаллаган.

Умумий рейтингда Ўзбекистон миллий университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Самарқанд давлат университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат аграр университети етакчи ўринларни қайд этган.

Нукус давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти, Гулистон давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти сўнгги ўринларда қолмоқда.

Фото: Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекстияси ахборот хизмати

Аввалроқ Самарқандда 5700 нафар мактаб битирувчиси талаба бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар