Ўзбекистонда илмий ташкилотларнинг миллий рейтинги тузилади

Шавкат Миризёевнинг «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони 29 октябрь куни қабул қилинди. Бунга кўра, Ўзбекистонда илмий ташкилотларнинг миллий рейтинги тузилади. Бу ҳақда Aдлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида маълум қилинди.

Фармон билан Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда концепциянинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари тасдиқланган. Шунингдек, концепция доирасида, жумладан:

  • илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизими жорий этилади;
  • 2025 йилга қадар илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга оширилади;
  • инновацион ишланмалар ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида 2021 йилда 2 та, 2025 йилда 10 та венчур жамғармаси ташкил қилинади;
  • 7 та замонавий лаборатория мажмуалари ташкил этилиб, улар ГЛП ва ГМП жаҳон стандартларига мос ускуналар билан жиҳозланади.

Қайд этилишича, 2021 йилда халқаро мустақил эксперт компанияларини жалб этган ҳолда барча давлат илмий ташкилотларининг илмий-инновацион фаолияти аудитдан ўтказилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан «Aкадемик ҳаракатчанлик» дастури жорий қилинади. Дастур доирасида, жумладан, илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларнинг илмий ғояларини рағбатлантириш учун Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан грантлар ажратилади. Маълум қилинишича, 2021 йил 1 январдан илмий даражали кадрлар тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими жорий қилинади.

Маълумот учун, «Aкадемик ҳаракатчанлик» дастури — ОТМ ва ИТМда илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган, 40 ёшгача бўлган профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар, докторантлар, мустақил изланувчилар ва магистр талабалари илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик ишлари илмий, илмий-техник лойиҳалари мажмуини ташкил этиш.

Аввалроқ Ўзбекистон меҳнат, миграция ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича халқаро шартномага қўшилиши ва Ўзбекистонда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ҳужжатлари давлат тилида тан олиниши лозимлиги белгилангани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Ўзбекистонда маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифлар давлат экспертизасидан ўтказилиши ҳамда Давлат кадастри қўмитасининг айрим функциялари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилгани маълум қилинган.

Янгиликлар