Автомобил ўғирлаб, ИИО ходимини пичоқлаган 2 нафар йигитга ҳукм чиқарилди
Ҳуқуқ-тартибот органи ходимига пичоқ билан ҳужум қилган ва автомобилни ўғирлаган шахсларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Замон дастурида хабар берилди.

Аввалроқ Teznews.uz, Самарқанддан Наманганга йўл олган ёш йигитлар ўзлари йўловчи сифатида кетayotgan Cobalt автомобилни ўғирлаб кетгани ҳақида хабар берган эди.
Тергов маълумотларига кўра, 2007-йилда туғилган икки ўсмир, ўзларини йўловчи сифатида кўрсатиб, Самарқанд шаҳрида автомашинага ўтиришган. Кейинчалик, Сирдарё вилоятида ҳайдовчи машинадан тушгач, фуқаролар автомобилни ишга тушириб, қочиб кетишган.
Тошкент вилоятининг Бекобод туманида жиноий қидирув ходими автомашинани тўхтатмоқчи бўлганида, йигитлардан бири унинг бўйнига пичоқ билан жароҳат етказган.
Натижада, улар Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 97-модда (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «г», «о», «п», «р» бандлари билан ва Жиноят кодексининг 267-модда (транспорт воситасини олиб қочиш) 3-қисми «в» бандларида айбдор деб топилган.
Cуд ҳукми билан, бир йигит Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 9 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Иккинчи судланувчи ҳам худди шу моддалар билан 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум бўлди.





