Қозоғистондаги олтин шахтасидан ўзбекистонлик эркакнинг жасади топилди

Оқмўла вилоятидаги ишламаётган «Бестобе» кони ҳудудида ноқонуний олтин қазиб олувчилар эркак жасадига дуч келди.

«Марҳумнинг шахси аниқланди — у 1982 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси. Қарағанда вилоятининг Жанааркин туманида яшовчи 32 ёшли воқеа гувоҳининг айтишича, у икки ҳафтадан бери шахтада бўлган. Айнан у кончилар дам олиш хонаси яқинида чалқанча ҳолатда жонсиз ётган одам жасадига дуч келган. Марҳумнинг ёнида тошлар ҳам ётган», дейилади хабарда.

Содир бўлган воқеа ҳақида полицияга шахта навбатчиси хабар берган. Ноқонуний муҳожирнинг сўзларига кўра, марҳум шахтада 18 кун бўлган. Улар «Бестобе» яқинида яшовчи 1994 йилда туғилган шериги билан бирга марҳумнинг жасадини қопга солиб, «Марказий» шахтасининг 475-горизонтидан ер юзасига олиб чиққан.

Ўз навбатида конга эгалик қилувчи «Альтиналмас» компанияси бир неча бор «Бестобе» шахтасида таркибида олтин бор рудаларни ноқонуний қазиш билан шуғулланиш хавфли экани ҳақида огоҳлантирган. Бугунги кунда шахта консервацияланган ва у ер ости сувлари билан тўлишда давом этмоқда.

Маълумотларга кўра, 2022 йилда бу ерда 940 нафардан ортиқ ноқонуний кончи ушланиб, полицияга топширилган.

Янгиликлар