ИИВ ҳайдовчи фуқарони қурол билан отиб, устидан машинада босиб кетгани акс этган видеолавҳа юзасидан изоҳ берди

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати «Cobalt» русумига ўхшаш автотранспорт ҳайдовчиси ва йўловчи бошқа бир фуқарони ўқотар қурол билан отиб ташлаб, кейин автотранспортда устидан босиб ўтиб кетган видеолавҳадаги ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Унда ёзилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган «Cobalt» русумига ўхшаш автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ва йўловчи бошқа бир фуқарони ўқотар қурол билан отиб ташлаб, кейин автотранспортда устидан босиб ўтиб кетган видеолавҳадаги ҳолат Лотин Америкаси давлатларидан бирида содир этилган. Вазирлик бу воқеа Ўзбекистонда бўлган деб тарқатилаётган маълумот хақиқатга мос келмаслигини айтган.

«Фуқароларимиздан ва ижтимоий тармоқда канал юритувчилардан текширилмаган ва ёлғон маълумотларни тарқатишдан ўзларини тийишларини сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Андижонда ҳомиладор келинчакнинг калтаклангани айтилган видео иштирокчилари воқеа қандай юз берганига аниқлик киритгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар