«Ҳар биримиз кучли бўлган тақдирдагина ШҲТ ҳам кучли бўлади». Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти истиқболи ҳақида гапирди
Шавкат Мирзиёев 10 ноябрдаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган мажлисида ташкилотнинг истиқболи ҳақида фикрларини маълум қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, Президент ўз нутқида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва пандемия сабабли юзага келган пасайишдан кейин ташкилот мамлакатларининг иқтисодиётини тиклашга қаратилган бир қатор ташаббуслар юзасидан фикрларини илгари сурган.
«Бугунги кунда ШҲТ ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турибди. Савдо-иқтисодий алоқаларнинг кескин қисқариши, ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайиши, ишсизликнинг ортишига олиб келган пандемия ривожланишимиз суръатларига ғоят салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бир қаторда, дунёнинг айрим минтақаларида ҳарбий-сиёсий вазият кескинлашяпти, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар кучаймоқда. Ушбу глобал хатар ва таҳдидларни яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш борасида шаклланган анъаналаримизни асраш ва бойитиш йўли билангина енгиб ўтиш мумкин.
Бугунги шароитда терроризм, экстремизм ва наркобизнес таҳдидлари нафақат сусаймаяпти, балки кучайиб, янги шакллар касб этмоқда. Ёшларни ёллаш ва радикаллаштириш, террорчиларни молиялаштиришда ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқларнинг роли ортиб бормоқда. Шу маънода, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасини ташкилот маконида хавфсизликни таъминлаш бўйича принципиал жиҳатдан янги вазифаларни ҳал қилишга мослаштириш зарурати ортиб бормоқда.
Ҳар биримиз кучли бўлган тақдирдагина ШҲТ ҳам кучли бўлади.
Бунинг учун бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, кун тартибимиздаги асосий масалаларга биргаликда муроса излашимиз, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. Бугун айнан шундай ёндашув Евроосиё маконида хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашнинг бош шартига айланмоқда», — дейди Президент.
Аввалроқ Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Шавкат Мирзиёев қайси масалаларга тўхталгани маълум қилинганди.